Ссылка на: Get in touch
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 23 июлдаги мажлисида депутатлар ташаббуси асосида ишлаб чиқилган “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Ушбу Қонуннинг ишлаб чиқилиши ва муҳокамаларида Ўзбекистон психологлар ассоциацияси мутахассислари ҳам бевосита иштирок этиб, қонуннинг такомилига етказилишига муносиб ҳиссаларини қўшдилар.
Сўнгги вақтларда соҳада зарур малака ва тажрибага, билим
ва кўникмага эга бўлмаган, мазкур масъулиятли касбни фуқаролар пулини осон ўзлаштириш манбасига айлантириб олган турли “психологлар” кўпайиб, халқимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган шароитда мазкур Қонуннинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этади.
Хорижий мамлакатларда ҳам ушбу соҳадаги муносабатлар қонун билан тартибга солинади. Хусусан, мазкур Қонунни ишлаб чиқишда Австрия, Венгрия, Германия, Озарбайжон, Беларусь, Латвия, Молдова каби давлатлар тажрибасидан фойдаланилган. Қонун ушбу соҳадаги энг илғор хорижий тажриба ва халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради.
Мазкур Қонунда аҳолига психологик ёрдам кўрсатишнинг асосий турлари, шакллари, стандартлари, бепул психологик ёрдам кўрсатиладиган шахслар тоифалари аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Қонун билан белгиланаётган энг асосий қоидалардан бири – Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан психологик ёрдам кўрсатиш стандартлари тасдиқланиши бўлмоқда. Чунки, бугунги кунга қадар психологик ёрдам кўрсатишда ҳар бир мутахассис ўз билганича муолажаларни амалга ошириб, ўз ҳаракатларини асослашига мажбур эмас эди. Энди, психологлар мижозларининг ёши ва муаммонинг хусусиятидан келиб чиқиб, тегишли стандартлар асосида унга психологик ёрдам кўрсатиб боради. Қонунда аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги жамоат бирлашмалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ҳам яратилмоқда.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати унда психологик ёрдам “психология” йўналишида олий маълумотга эга бўлган шахслар томонидан кўрсатилиши, хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш билан шуғулланиш учун шахслар учун ушбу соҳадаги жамоат бирлашмаси томонидан бериладиган малака сертификатига эга бўлиш талаби белгиланмоқда.
Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши шубҳасиз аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасида янги даврни бошлаб беради, фуқароларимизнинг мазкур соҳада малакали ва сифатли хизматлардан фойдаланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
Ўзбекистон психологлар ассоциацияси жамоаси